الجمعة، 1 مايو 2020

Буюк фурсат.

Буюк фурсат.
Дўстим менга бир кўрсатувда бўлган воқеани ажабланиб, бор вужуди билан ролга кириб айтиб берарди.
Ҳозирги кунимизда жаҳон бойлари рўйхатининг муҳим поғоналаридан бирида унинг номи жой олган бир бой кўрсатувни олиб бораётган ёш йигитнинг “сиз бундай катта бойликка қандай эришдингиз” деган саволига жавобан чўнтагидан чек дафтарчасини чиқариб, “сенга бир дақиқа вақт истаган маблағингни ёз у сеники бўлади”- деб жавоб қилади. Йигит эса саволим ноўрин бўлди шекилли деган ўй билан, “мен буни назарда тутмаган эдим” -деб сал талвасага тушади. Вақт эса кутиб турмайди. Бир дақиқа зум ўтмай тугайди. Чек ўз ўрнига қайтади. Шунда бой йигитчага қарата дунёда фурсатлар жуда кўп келади бироқ кишилар фурсатдан фойдаланишни билмайдилар. Мана сен ҳозир миллионер бўлишинг мумкин эди лекин сенга берилган фурсатдан фойдалана олмадинг. Мен эса ана шундай фурсатларни қўлдан бой бермаганман. Шу сабаб бундай бойликка эришдим дейди.
Қисса ҳақиқатга қанчалик яқин ёки узоқ бўлмасин у бир ҳақиқатга ишора қилади. Фурсатлардан унумли фойдаланиб қолиш.
Йилнинг энг катта фурсатларининг бири Рамазон ойидур. Бу ойнинг фазилати ҳақида гапирмоқчи эмасман чунки у кўпчиликка қоронғу эмас. У ойда минг ойдан яхши кеча бор. Қани энди қай биримиз мана шу фурсатни ҳақиқий фурсат эканига чинакам ишонч ҳосил қила олади. Агар ҳосил қила олса албатта ундан унумли фойдаланади. Ундан унумли фойдаланмадими, демак уни ҳақиқий фурсат эканлигини ҳали тушуниб етмаган ҳисобланади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло энг буюк, энг саховатли, мулкининг чегараси бўлмаган зот. Жамии башариятга сўраганидан минг чандон кўп берса, унинг мулкидан денгиздан игнага илиниб чиққан сув денгиз сувини камайтирганичалик ҳам камайтира олмайди. Бунинг устига у зот сизга бир дақиқа эмас йиллаб фурсат беради.
Рамазон ойи ана шундай катта фазилатли ой экан, келинг унинг нималарга қулай фурсат эканлигини баҳоли қудрат санаб ўтсак фойдадан холи бўлмас.
1. Рамазон тавба қилишга энг қулай фурсат.
2. Рамазон чекиш ёки ичиш каби балоларга гирифтор бўлганлар учун ушбу амалларни бутунлай ҳаётидан юлиб ташлашга яхши фурсатдур.
3. Рамазон ихлосга одатланиш учун фурсат.
4. Рамазон иймон зиёда бўлиши ва тақволи бўлиш учун қулай фурсат.
5. Рамазон садақа қилишга ва унга одатланишга қулай фурсат.
6. Рамазон ойи саховат қилишга ва унга одатланишга фурсат.
7. Бу муборак ой Қуръонни мунтазам ўқишни йўлга қўйишга энг яхши фурсат.
8. Қуръон ёдлашга фурсат.
9. Фақиру бечораларни эслаш ва неъматларга шукр қилишга фурсат.
10. Улкан савоблар йиғиб олишга фурсат.
11. Таҳажжуд намозларни йўлга қўйишга фурсат.
12. Ғийбатдан тийилишга фурсат.
13. Ёлғон сўзлашни тарк қилишга фурсат.
14. Жаҳлни қолибга солишга фурсат.
15. Ўз ўзини ўзгартиришга фурсат.
16. Сабрга қийинчиликларни бартараф этишни ўрганишга қулай вазият.
17. Минг ойдан яхши бўлган тунни қўлга киритишга фурсат.
18. Болалар тарбиясига яхши фурсат.
19. Сийлайи раҳм қилишга фурсат.
20. Росулуллоҳ билан ҳаж қилишдек ажр олишга фурсат.
22. Дуолар қабул бўладиган вақтлар эканлиги билан фурсат.
23. Эътикоф амалига энг муносиб фурсат.
Умумий қилиб айтганда шайтон кишанда экан барча яхшиликларни қилиб қолиш ва унга одатланиб олишга катта фурсатдир.
Оллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизни ушбу ойда ва ҳаётимизда дунёю охиратимизга фойдаси бўладиган фурсатлардан унумли фойдаланадиган илғорлардан қилсин. Амин.
#ramazon #рамазон #ramadan

ليست هناك تعليقات:

إرسال تعليق