Arafa kuni rejasi
АРАФА КУНИ РЕЖАСИ
- Арафага ўтар кечаси барвақт ухланг. Витрни саҳарда ўқиш ниятида ўқимай қолдиринг.
- Саҳар пайти уйқудан туринг ва таҳорат олинг.
- Витрдан олдин 2 ракаат бўлсада таҳажжуд намозини ўқинг. Бошингиз саждада экан, дунё ва охират яхшилигини сўранг. Шундай кунга етказганига ҳамдлар айтинг.
- Арафа куни рўзасини тутиш учун саҳарлик қилинг.
- Бомдод вақти киргунча «Саҳарларда Аллоҳга истиғфор айтадиган кишилар» (Оли Имрон: 18- оят) дан бўлиш учун истиғфор (Астағфируллоҳ ва атубу илайҳи айтиш) билан машғул бўлинг.
- Бомдодни масжидда жамоатда ўқинг. Саломдан кейиноқ "такбири ташриқ"ни айтинг.
- Сўнгра намоз ўқиган жойингиздан қимирламай то қуёш чиққунга қадар намоздан кейинги тасбеҳлар, тонгги дуо-зикрлар ва Қуръон тиловати билан машғул бўлинг.
- Қуёш чиқиб 15 дақиқа ўтгандан сўнг 2 ёки 4 ракаат намоз ўқинг.
- Кейин иккисидан бирини танланг; Агар ухламасдан шу кунни ўтказа олсангиз, ухламанг. Ҳар сониянгизни ғанимат билиб зикр, дуолар қилинг.
- Ёки Аллоҳга ибодат қилиш учун куч тўплаш ниятида ухлаб дам олинг.
- Дам олиб тургач, икки ракаат бўлсада намоз ўқинг. Такбир, зикр, Қуръон тиловатини, айниқса: «Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин Қодиир» ни кўп айтинг.
- Пешин намозини жамоатда ўқинг. Такбир айтинг. Имкон қадар Қуръон тиловат қилинг.
- Пешиндан то асргача фойдали, яхши амаллар билан машғул бўлинг.
- Асрни жамоатда ўқинг. Такбир ва намоз тасбеҳларидан кейин кечқурунги зикр, дуоларни қилинг.
- Шом намозига бир ёки ярим соат қолганда, тазарруъ ила дуолар қилинг. Бутун дунёдаги заиф, ночор ва мазлум мусулмон ака-ука, опа-сингилларингиз ҳақларига ҳам дуо қилинг.
- «Эй Раббим, шу куннинг қуёши ботар экан, мени, ота-онамни ва барча яқинларимни жаҳаннамдан озод қилган бандаларинг қаторида қилгин», деб дуо қилинг.
- Азон айтилиши билан хурмо ёки сув билан оғзингизни очинг ва шом намозига шошилинг.
Аллоҳ сизу бизни солиҳ амалларга муваффақ айласин! Аллоҳ дуоларимизни ижобат айласин!
Мазкур режа бўйича амал қилмоқчи бўлган аёллар намозни аввалги вақтида уйларида ўқисинлар.
«Яхшиликка далолат қилувчи уни қилувчи кабидир».
Бу эслатмани аҳлу оилангиз, яқинларингиз ва барча мусулмонларга улашинг ва ажрда шерик бўлинг!
ليست هناك تعليقات:
إرسال تعليق